Дуо сўзларини такрор-такрор айтиш ва Аллоҳдан қатъийлик билан сўраш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бадрда асҳоблари ҳаққига қилган дуоларини қуйидагича ривоят қилади: “Ўшанда у зот: “Эй Парвардигор, менга ваъда қилган нусратингни бергин. Парвардигор, Сендан аҳдинг ва ваъдангни сўрайман”, деб илтижо қилдилар. Қаттиқ ёлворганларидан ридолари елкаларидан тушиб кетди. Абу Бакр Сиддиқ уни елкаларига қайтариб ўраб: “Ё Расулуллоҳ, Раббингизга шунча ялиниб-ёлворишингиз етар”, деди (Муслим ривояти, 1763-ҳадис). Шунингдек, “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Давс қабиласи ҳаққига бундай дуо қилганлари айтилади: “Эй Аллоҳ, Давсни ҳидоят қил ва уларни (Мадинага) келтир, Эй Аллоҳ, Давсни ҳидоят қил ва уларни келтир”.
Бухорий (2937) ва Муслим (2524) ривояти.